15/04/2022
Жорий йилнинг 12 апрель санасида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида фармацевтика тармоғини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилган эди. Йиғилишда жорий йилнинг 21 январь санасида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-2026 йилларда фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид фармони мувофиқ, маҳаллий дори воситалари ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробарга ошириш, ички бозорни таъминлаш даражасини натурал ҳажмда 80 фоизга етказиш вазифаси қўйилган эди.
Шу ўринда маълумот ўрнида таъкидлаб ўтмоқчиманки, мамлакатимизда йилига 1 миллиард 600 миллион долларлик фармацевтика маҳсулотлари истеъмол қилинади. Шундан катта қисми – қарийб 1 миллиард 200 миллион долларлик маҳсулотлар импорт қилинмоқда. Шу боис, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида лойиҳалар билан ишлаш тизимини янгидан қилиш вазифаси қўйилган, дори воситаларига талабни ўрганиб, уларни маҳаллийлаштириш чора-тадбирлари белгиланган эди.
Хусусан, жорий йилнинг ўзида 80 миллион долларлик 34 та лойиҳа режалаштирилган ва мутасаддиларга бу борада тадбиркорларга кўмаклашиб, лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш бўйича топшириқлар берилган эди. Йирик хорижий компаниялар билан музокаралар ўтказиб, уларнинг брендларни жалб қилиш муҳимлиги таъкидланган эди.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигига юртимизда талаб юқори бўлган 120 турдаги дори воситаларини маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан 3 йил муддатга кафолатли харид қилиш бўйича кўрсатма берилиб, бунда, айниқса, онкология, гематология, эндокринология ва вирусли касалликлар учун дорилар нархини арзонлаштириш кераклиги таъкидланган ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган эди.
Юқорида таъкидлаб ўтилган вазифаларни ижросини таъминлаш ҳамда ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган тиббиёт асбоб-ускуналари билан бойитиш мақсадида, 15 апрель куни Ўзбекистон тиббиёт асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда “LD-TIB-MAHSULOT” МЧЖ ҳамкорлигида ортопедия ва травматология соҳасида ишлатиладиган тиббиёт асбоб ускуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “TASH-BEL-MED” Ўзбекистон-Белоруссия қўшма корхонасини очилиши бўлиб ўтди.
Ушбу қўшма корхона Тошкент вилоятининг Кўксарой МФЙда 4000 кв.метр ҳудудда янги корхона сифатида қуриб битказилди ва ишга тушилди. Корхонада асосан остеосинтез учун имплантлар, яъни скелетнинг тортилиши учун пинлар, таёқчалар, текис ва фигурали плиталар, шифокорлар ва тиббиёт ходимлари учун бир марталик тиббий ва жарроҳлик кийимлари ҳамда травма ва ортопедик жарроҳликда асбоблар ва имплантлар ишлаб чиқаради. Бу эса ички бозоримизга арзон ва сифатли тиббиёт асбоб-ускуналар етказиб беришда бирмунча қулайликлар келтиради.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директор ўринбосари Эгамов Улуғбек Абдувалиевич, туман ҳокимлигидан масъуллар ҳамда Белорусиялик ҳамкорлар иштирок этди. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Травматологик ва ортопедик жарроҳлик учун асбоб-ускуналар ва имплантлар ишлаб чиқарувчи қўшма корхона очиш лойиҳасини амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилган Белоруслик ҳамкоримиз, Республика инновацион унитар корхонаси бош директори ўринбосари Лушчик Павел Эвгениевичга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.